БАРЧА ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАР СКРИНИНГ ТЕКШИРУВИ БИЛАН ТЎЛИҚ ҚАМРАБ ОЛИНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллат генофонидини яхшилаш, она ва бола саломатлигини асраш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келмоқда. 2017 йил 22 декабрь куни замонавий давлатчилигимиз тарихида улкан ўзгариш ясаган воқеа — давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш ва уларни замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” ги қарори эса ушбу эзгу мақсаднинг ҳуқуқий асоси бўлди. Хусусан, қарор билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларни оммавий скрининг текширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Қарор ҳомиладор аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида оммавий текшириш ва ҳомилада туғма ва ирсий касалликлар профилактикасини олиб боришга қаратилган. Шу мақсадда лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, жумладан, ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш, ирсий касалликларга эрта ташхис қўйишнинг замонавий усуллари ёрдамида чақалоқларни оммавий текшириш, бемор болаларни дори воситалари ва даволовчи озиқ-овқатлар билан таъминлаш белгиланган.

Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 31 миллион АҚШ доллари ва 90 миллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда, улардан 28 миллион 460 минг АҚШ доллари Давлат бюджети маблағлари, 90 миллион сўм ва 2 миллион АҚШ долларидан зиёди “Соғлом авлод учун” халқаро нодавлат хайрия жамғармаси маблағларидир.

Яқин беш йилга мўлжалланган ушбу Давлат дастури болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш бўйича қуйидаги энг муҳим 5 йўналишни ўз ичига олади:

· “Она ва бола скрининг” марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

· ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш;

· ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш;

· болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш;

· “Она ва бола скрининг” марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Дастур замонавий скрининг хизматидан юртимизнинг чекка ҳудудлари, олис туманларида яшовчи аҳоли ҳам тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлайди. Яъни, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида барча аёлларни ультратовуш текширувидан тўлиқ ўтказиш йўлга қўйилади. Бунинг учун 195 та марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналарини юқори ҳал этиш қобилиятига эга бўлган стационар УТТ-сканер аппаратлари билан жиҳозлаш белгиланган. Ушбу мақсад учун Давлат бюджети ҳисобидан 200 та УТТ-сканер аппаратлари харид қилинади. Бу эса ҳомиладор аёлларни УТТ текширувчи билан 100 фоиз қамраб олиш (илгари ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қиларди) ва 14 ҳафтагача бўлган муддатда ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, 2018-2019 йилларда Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона “Она ва бола скрининг” марказларини муковисцидозни аниқлаш учун 4 та тиббий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда болаларда цитогенетик тадқиқотларни татбиқ этиш ва ўтказиш учун рақамли микроскоплар ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш белгиланди.

2018-2022 йилларда Самарқанд, Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Нукус ва Бухоро “Она ва бола скрининг” марказларини бутловчи буюмлар билан бирга 6 та анализаторнинг такомиллаштирилган модели билан қайта жиҳозлаш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки белгиланган тартибга патронаж ҳамшира ҳомиладор аёллар ҳолидан ойда бир марта уйига бориб, хабар олиши лозим. Бу вақтда ҳамшира аёлнинг умумий ҳолатини баҳолаш билан бирга, 14 ҳафтагача бўлган муддатда УТТ-сканер аппарати текширувидан ўтишини ҳам назоратга олиши лозим. Шундагина биз Президентимиз қўйган мақсад — чақалоқларни скрининг текширувлари билан тўлиқ қамраб олиш орқали ирсий касалликларни барвақт аниқлаш бўйича диагностика ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, миллат генофондини яхшилашга эришамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.