Ўзбекистон педиатрияси: БАРЧА ҲУДУДЛАРДА БИР ХИЛ СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Миллат генофондини яхшилаш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш она ва бола саломатлиги муҳофазасидан бошланади. Бу тиббиётнинг ўзгармас қонунидир. Шу нуқтаи назардан оналик ва болалик муҳофазаси ҳамиша Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам соғлом авлодни тарбиялаш масаласига алоҳида этибор қаратилди. Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, бунда ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишларнинг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш каби муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Ушбу амалий ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида 2017 йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисолаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида «Ўзбекистон худудларида болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва истиқболлари. педиатрияда инновацион масалалар» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 250 нафардан ортиқ мутахассислар иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг республикада Соғлиқни сақлаш тизими муаммоларини бартараф этиш ва ривожланиш истиқболларига йўналтирилган топшириқларини ижроси, болаларга кўрсатилаётан тиббий ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг амалий натижалари, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва истиқбол режалар таҳлил қилинди.

Анжуманда қайд этилганидек, болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини барча босқичларига уни етказиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларини амалга ошириш борасида республикада болаларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкиллаштиришнинг янги услублари ишлаб чиқилган.

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва вилоят, туман миқёсидаги тиббиёт муассасалари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш учун, вертикал бошқарув сифатини ошириш ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий хизматни мувофиқлаштириш учун Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақолпоғистон Республикасидаги ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари Ҳудудлараро болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари (БКТТМ) деб белгиланди. Ушбу БКТТМларни ҳудудлараро марказлар сифатида ажратилиши, энг аввало, бу ҳудудларда ОЎЮни мавжудлиги, шунингдек марказларнинг ташкилий ва кадрлар потенциали асос бўлди. Болаларга тиббий ёрдамни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши тузилди.

Ҳудудлараро марказ олий тиббий ўқув юртлари билан биргаликда бириктирилган БКТТМлар фаолиятини мувофиқлаштириб ушбу ҳудудларда барча ёрдам кўрсатиш босқичларида болаларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш ишларини олиб боради.

Ҳудудий тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш режаси асосида Марказ мутахассислари томонидан ҳудудларга шу кунга қадар 366 маротаба чиқиб, ўндан ортиқ ҳудудлараро болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари, 150 га яқин туман/шаҳар тиббиёт марказлари, 90 га яқин ҚВП/ОПларга амалий ёрдам кўрсатилди. Қувонарлиси, ушбу тадбирлар жараёнида асосий эътибор узоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган муассасаларга қаратилгани бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ихтисослаштирилган ёрдамни вилоятларга янада яқинлаштириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида, 70 га яқин семинар ва маърузалар ўтказилди ва уларда 3 минг 200 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари қатнашдилар.

Марказимиз ва худудий ВБККТМнинг мутахассислари Россия, АҚШ, Германия, Белоруссия, Корея Республикаси, Литванинг йирик клиникаларида малака оширдилар. Марказ ва ҳудудий ВБКТТМлари мутахассислари учун Марказда Германия, Россия, Литва, АҚШнинг етакчи мутахассислари томонидан семинар, кўргазмали операциялар ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда 2014-2018 йилларда оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва “Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурларини амалга оширишда эришилган ютуқлари, шу билан биргаликда, республикадаги болалар саломатлиги кўрсаткичлари, оналар, болалар ва гўдаклар ўлими даражаси, биринчи навбатда, болалар касалликларини даволаш ва диагностикаси бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш, аёллар ва болалар патронаж тизимини такомиллаштириш, шунингдек, кадрлар билан таъминланиш ва уларнинг потенциалини ошириш масалаларини яхшилаш ва қўшимча табдирларни ишлаб чиқиш зарурлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Анжуманда бирламчи бўғин ва ихтисослаштирилган тиббий хизматнинг ўзаро ҳамкорлиги натижалари бўйича ҳам маълумот берилди. Дарҳақиқат, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича ўринбосари лавозимининг жорий этилишида ҳам айни шу мақсад кўзланган.

Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95% қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 12 декабрда бўлиб ўтган учрашувда таъкидлаганидек, туғма ва орттирилган касалликларнинг олдини олиш, болалар ва репродуктив ёшдаги аёллар патронажини мустахкамлаш, она ва бола скрининг сифатини ошириш, соғлом бола туғилиши, болаларни соғлом овқатлантириш ва парваришлаш, соғлиқни сақлашни барча босқичларини интеграциясини кучайтириш йўли билан болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, ихтисослаштирилган юқоритехнологик тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, педиатр, неонатолог ва бошқа болалар мутахассисларини тайёрлаш, шунингдек халқни тиббий маданиятини ошириш бугунги тиббиётнинг энг муҳим вазифасидир.

Конференциянинг яна бир йўналиши педиатрияда инновацион масалаларига бағишланди. Болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни барча тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш натижалари ва уларни болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишдаги ахамияти кўриб чиқилди. Гепатология маркази фаолиятининг илмий ютуқлари, болаларга кўрсатилаётган амбулатор-поликлиника хизматининг ривожланиш истиқболлари, Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларида тиббий хизматни яхшилашдаги истиқболлар, эрта неонатал даврда чақалоқларнинг критик ҳолатларида тиббий ёрдам кўрсатиш, эрта ёшдаги болаларда респиратор касалликлар, болаларда ошқозон ичак тракти, юрак қон-томир тизими касалликлари, сурункали жигар касалликлари, ЛОР касалликлари, болалар юқумли касалликларини замонавий муаммолари хамда болалар ва ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш истиқболлари ёритиб берилди.

Анжуман якунида республиканинг барча худудларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича резолюция қабул қилинди.

Йил якунлари бўйича вазифаларни амалга ошириш натижалари асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда кейинги йилларда республикада соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, Мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан қўйилган топшириқларни бажариш юзасидан республикада болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича бажариладиган режа ва тадбирларни белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова сўзга чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ахборот хизмати.